
Болалар контентини ривожлантириш маркази Экспертлар Кенгашининг дастлабки йиғилиши бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 2 июль куни Болалар контентини ривожлантириш марказида муҳим тадбир — Экспертлар Кенгашининг биринчи йиғилиши ташкил этилди. Мазкур кенгаш болалар учун тайёрланаётган ахборот-маънавий ва таълимий контентларнинг мазмунан бой ва миллий қадриятларга асосланган бўлишида муҳим роль ўйнайди.
Йиғилишда Қори Ниёзи номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти директори, педагогика фанлари доктори, академик Ҳ.И. Иброҳимов ҳамда педагогика фанлари доктори, профессор А. Маҳмудовлар эксперт аъзолари сифатида фаол иштирок этдилар. Улар болалар онгига ижобий таъсир кўрсатадиган контент яратишда илмий ёндашув, тарбиявий мақсадга мувофиқлик ва миллий менталитетни ҳисобга олиш зарурлигини таъкидладилар.
Йиғилиш давомида болалар учун тайёрланаётган контентларда ахлоқий, маънавий, эстетик ва таълимий таркибнинг кучайтирилиши, ёш даври психологиясига мос ечимлар ишлаб чиқилиши юзасидан таклифлар билдирилди. Шу билан бирга, мутахассислар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ота-оналар ва таълим муассасалари билан интерактив мулоқотни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Экспертлар Кенгаши ўз фаолияти орқали мамлакатимизда болалар учун юксак савиядаги, тарбиявий аҳамиятга эга медиа маҳсулотларни яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.