Болаларнинг ноёб иқтидорлари рўёбга чиқмоқда

Юртимизда болаларга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши, иқтидори ва етакчилик қобилиятини рўёбга чиқариш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон болалар ташкилоти фаолияти муҳим аҳамиятга эга.

Ташкилот томонидан амалга оширилаётган янги ташаббуслар ва режалар хусусида Ўзбекистон болалар ташкилоти Бошқарув кенгаши раиси Ҳасанбой Набиев қуйидагиларни маълум қилди.

–2024 йил 15–16 февраль кунлари Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи чоғида илгари сурилган ташаббус – Ўзбекистон болалар ташкилотини тузиш ғояси катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлди. Мазкур ташаббус доирасида ташкил этилган болалар ташкилоти мамлакат миқёсидаги ўзига хос фаол ва ташаббускор болалар майдонига айланмоқда. Ташкилот болаларнинг иқтидори, ҳар томонлама кучли ва зукко бўлиб вояга етишида муҳим платформа вазифасини ўтамоқда.

Хусусан, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ташкилот томонидан 24-анъанавий анжуман ташкил этилди. 330 нафар Ўзбекистон болалар ташкилотининг “Болалар ҳаракати” сардори, ташкилот фаоллари ҳамда йил давомида ташкил этилган лойиҳа ва тадбирларда ғолибликни қўлга киритган болалар мазкур анжуманда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.
 
Анжуманда нафақат болалар, балки уларнинг фаолиятларини мувофиқлаштирувчи ташкилотлар, мураббийлар, педагоглар ва давлат идоралари вакиллари ҳам иштирок этиб, болаларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглаш, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Болаларнинг етакчилик қобилияти, ташаббускорлиги ва ижтимоий фаоллигини баҳолаш, юртимиздаги кўп миллатлилик ва бағрикенглик анъаналарини тарғиб қилиш, болаларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, ижодий фикрлаш қобилияти, саҳна маҳоратларини намоён қилиши учун замин яратиш мақсадида “Энг намунали “Болалар ҳаракати” сардорлари” танлови, “Халқлар дўстлиги куни” фестивали, “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда “Қувноқлар ва зукколар” беллашуви ўтказилди.
 
“Энг намунали "Болалар ҳаракати" сардорлари" республика танловида мамлакатнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган ҳар бири 14 нафардан иборат жамоалар иштирок этишди. Танловда иштирокчилар 4 та асосий шарт бўйича ўз билим, иқтидор ва етакчилик қобилиятларини намоён этишди.

Бундан ташқари, ҳар бир ҳудуд сардорлари “Қадриятлар, урф-одатлар, анъана ва болалар” фестиваль-кўргазмалари ҳамда “Биз келдик” миллий флешмоблар танловида иштирок этишди ва бу орқали болаларда миллий ғояга садоқат, маданий меросга ҳурмат туйғуси янада мустаҳкамланди. Бу каби танловлар сардорларда жамоа билан ишлаш, ижодкорлик, масъулият ва ташаббускорлик қобилиятларини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда. Уларда лидерлик салоҳиятини баҳолаш, ҳудудлараро ҳамкорликни кучайтириш, тажриба алмашиш имкониятлари яратилади.

Анжуманнинг муҳим қисмларидан бири “Бўйинбоғсиз кун: раҳбар ва болалар” учрашуви бўлди. Учрашувда Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилнозахон Каттахонова ҳамда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова ва бошқа ташкилот фидойилари иштирок этиб, болаларнинг фикр ва таклифларини тингладилар.

Болалар томонидан тақдим этилган 50 га яқин ижтимоий, экологик ва таълимга доир лойиҳалар муҳим ва амалий ечимларга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Болалар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита ва очиқ жавоблар олдилар. Бу эса уларнинг фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда катта аҳамият касб этади.

Анжуман якунида ўтказилган танлов ва баҳолаш натижаларига кўра, ҳудудлардан келган сардорлар жамоаси турли хил номинациялар бўйича ғолиб деб топилди.

Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди, уларнинг ютуқлари кенг жамоатчиликка таништирилди. Бу каби эътирофлар болаларнинг янада фаоллашишига туртки бўлди.

Ўзбекистон болалар ташкилотининг 24-анъанавий анжумани мамлакатимизда болаларга қаратилган эътибор, ишонч ва уларнинг имкониятларини юзага чиқаришга бўлган саъй-ҳаракатларнинг ёрқин намойиши бўлди. Бу каби анжуманлар ёш авлоднинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, уларнинг орзу-интилишларига йўл очиш, ижтимоий фаоллигини оширишда беқиёс аҳамиятга эгадир.

Гулноза Бобоева, ЎзА