Ёшлар онгида ахборот хуружларига қарши ғоявий иммунитетни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди

Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтида “Рақамли таълим муҳитида миллий тарбия контентларини яратиш ва татбиқ этиш: муаммолар, ечимлар” мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти директори, педагогика фанлари доктори, академик Холбой Ибраимов  илмий амалий анжуманнинг асосий мақсади таълим-тарбия соҳасида миллий тарбия контентларини яратиш, уларни ўқув жараёнига татбиқ қилишнинг назарий, методологик ва амалий муаммоларини аниқлаш ва ечимлари юзасидан методик тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат эканини қайд этди.

Маълумки, Президентимизнинг 2024 йил 21 июндаги “Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига кўра, ёшлар тарбиясига оид рақамли контентларни жойлаштириш мақсадида «milliytarbiya.uz» электрон платформаси ишлаб чиқилиб, ҳамкор ташкилотлар иштирокида замонавий ва қизиқарли контентлар билан тўлдириб борилмоқда.   

Институт томонидан ишлаб чиқилган методик тавсиялар асосида ёшлар таълим-тарбиясига бағишланган подкаст, видеоконтентлар яратиш ва оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш ишлари тизимли ташкил этиб келинмоқда.   

Тадбирда қайд этилганидек, ҳозирги глобаллашув жараёнида ёш авлод онгида турли ахборот хуружларига қарши ғоявий иммунитетни кучайтириш долзарб аҳамиятга эга. Болаларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан муносиб тарбиялаш, уларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ва ўзликни англаш ҳиссини шакллантириш мамлакатимизнинг келгуси тараққиётини белгилайдиган энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.   

Фарзандларимизни миллий ўзлигимиз мезонларига зид бўлган контентларнинг салбий таъсиридан ва саломатлигига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, уларни таълимга кенг жалб этиш, касбга йўналтириш ҳамда юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашга мўлжалланган миллий контентлар яратишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги қарори билан “Болалар контентини ривожлантириш маркази” ташкил этилди.   

Анжуман ишида ушбу марказ директори ўринбосари Жўрабек Рўзметов ҳам иштирок этиб, қарорнинг мазмун-моҳияти ва бу борада давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган долзарб вазифалар ижроси, миллий контентларнинг бугунги кундаги аҳамияти ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан маъруза қилди.   

Гулноза Бобоева, ЎзА