МИЛЛИЙ КОНТЕНТ – МИЛЛИЙ МЕДИА ДАСТУРХОНИ

Президентимиз раислигида 15 май куни мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси  юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бугуннинг жуда муҳим,  оғриқли муаммоларидан бирига ечим берилди. Бу – болаларимизнинг маънавиятини авайлаб-асраш, зарарли ғояларга қарши ғоя билан қарши тура оладиган, болалар тилида ёзадиган, гапирадиган контент яратиш.  Давлатимиз раҳбари муаммонинг туб илдизини кўрсатди.

Мактабларда маънавий-маърифий, тарбиявий тадбирлар ўтказяпмиз. Лекин улар ўқийдиган, кўрадиган, эшитадиган миллий контент бўлмагани учун муайян даражада маънавий бўшлиқ юзага келаётган эди. Болаларнинг бўш вақтида завқ билан ўқийдиган, кўрадиган, эшитадиган, энг муҳими, болалар учун махсус миллий контент яратиш муаммоси ечилди. Президент қарори билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузурида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил қилинди. Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти марказга илмий-методик, технологик жиҳатдан кўмакчи бўлди.