НОГИРОН БОЛАЛАР УМУМТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИГА ҚАМРАБ ОЛИНАДИ

Маълумотларга қараганда, ўтган йиллар давомида ногиронлиги бор 5 минг нафар бола боғча-мактабга жойлашди, 30 минг бола боғча, тўгарак ва касбга ўқитиш билан қамраб олинди. Илк бор 530 мактабда инклюзив таълим йўлга қўйилди. Лекин бу борада ҳали қилиниши зарур бўлган ишлар талай экани ҳеч кимга сир эмас.

Президент таъкидлаганидек, олдинда турган энг катта мақсад – ногиронлиги бор барча болаларни умумтаълим мактабига, яъни ҳаётга мослаштиришдан иборат. Шунда уларнинг фикри, дунёқараши ўзгаради, ўзига ишонч пайдо бўлади, касалликларини унутади. Бу борада Тайлоқ туманида яхши натижага эришилган. Мутахассислар, ҳатто, бу тажрибани ўрганиш ва уни республика миқёсида кенг ёйиш кераклигини таъкидламоқда. Масалан, туманда бугунги кунда 90 фоиздан ортиқ ногиронлиги бўлган болалар мактабга бориб ўқишини давом эттиряпти.

Тайлоқ ва Косонсой туманларида “Илк ривожланиш марказлари” очилган бўлиб, камбағал оиладаги ва ногиронлиги бўлган 4 минг 200 нафар болага боғча таълими берилган. Давлатимиз раҳбари вилоят ҳокимларига бу тажрибани ўрганиб, ҳар бир туманда жорий этиш вазифасини юклади.

Бу, албатта, жуда катта ютуқ. Бундан нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари ҳам хурсанд ва рози экани шубҳасиз. Чунки уларнинг болалари ҳам бугунги кунда соғлом болалар борадиган мактабга боряпти ва улар билан бирга теппа-тенг ўқияпти.

Президент видеоселектор йиғилишида ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтиришга доир бир қанча янги ташаббусларни илгари сурди. Масалан, 2025 йилда 1 миллион 200 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилади. Бунинг учун, табиийки, уларнинг таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт билан боғлиқ масалалари ҳал қилинади ва яшаш шароити яхшиланади.

Бундан ташқари 2025 йилда камбағаллик юқори мингта маҳаллада яна биттадан оилавий боғча фаолияти йўлга қўйилади. Оилавий боғча ўринларининг 15 фоизи камбағал оила фарзандлари учун ажратилади, боғча тўлови ҳам қисман қоплаб берилади. 
Камбағал оила фарзандларининг ўқиб, ҳаётини ўнглаши учун қўшимча имкониятлар яратилади. Бунинг натижасида 118 минг ёшлар чет тили, ахборот технологиялари ва касб-ҳунарга ўқиш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун тўгаракларга сарфланадиган харажатларнинг 80 фоизгача бўлган қисми бюджетдан қоплаб берилади. 2025 йилда шундай фарзандларнинг 3,5 минг нафари олий таълимга грант асосида қабул қилинади.

Бундан ташқари, жорий йилда халқаро андозалар асосида ногиронлиги борларга тавсия этиладиган спорт турлари янада кенгайтирилади. Уларнинг бунга лаёқати касаллик турига қараб автоматик тарзда белгиланади. Бу йўналишдаги спорт мураббийлари ойлиги 1 январдан 1,5 баробарга оширилади. Жойлардаги 130 та спорт мактаби, 90 та махсус таълим муассасаси ва 29 та “Мурувват” уйидаги майдонлар адаптив спорт турларига мослаштирилади. 

Ногиронлиги бор болаларни таълим билан қамраб олиш мақсадида ҳар бир туманда биттадан боғчада инклюзив таълим гуруҳи очилади. Бундан ташқари, ҳаракати чекланган болаларга алоҳида имтиёз яратилади, яъни уларнинг мактабга келиб-кетиш харажатининг 75 фоизи қоплаб берилади.

2025 йилнинг 1 сентябригача 954 та мактабда инклюзив синф ташкил қилинади. Бунинг натижасида эса яна 1 минг 800 нафар ногиронлиги бор бола таълим олиш имконига эга бўлади.

Маълумотларга қараганда, ўтган йили Меҳрибонлик уйлари ва махсус ўқув муассасаларидаги 300 нафар ўғил-қиз оилавий муҳитга қайтган. Жорий йилда ушбу тажриба асосида яна 500 нафар бола масъулларга бириктирилиб, оилавий болалар уйи ва мактабга жойлаштирилади.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий ҳимояга берилаётган бундай эътибор, амалга оширилаётган ишлар, белгиланаётган тадбирлар, мақсад ва вазифалар Ўзбекистон янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган ижтимоий давлат тамойилларига содиқ экани ва унга амал қилаётганидан яққол далолат беради.

Холбой ИБРАИМОВ,
Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси 
миллий институти директори, 
Ўзбекистон Республикаси Фанлар 
академиясининг ҳақиқий аъзоси