
ҚОМУСДА ИЛК МАРТА МУҲРЛАНГАН КАСБ
ҚОМУСДА ИЛК МАРТА МУҲРЛАНГАН КАСБ
Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни бунёд этиш тамойилларига мос равишда барча жабҳада, хусусан, таълим ва тарбия соҳасида ҳам ҳар томонлама ўйланган, тизимли ва чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Биз педагогларни қувонтирган жиҳати шундаки, Конституцияга илк марта ўқитувчилар ҳақида икки банддан иборат алоҳида модда киритилди. Яъни 52-модда қуйидагича ифодаланди: “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”.
Фахр билан айтиш лозимки, бу янгилик билан ўқитувчилар асосий қонунимизда судья, адвокат ва прокурор каби саноқли ҳуқуқ соҳаси вакиллари қаторида алоҳида тилга олинган ягона касб эгаларига айланди. Яна бир эътиборли жиҳати, 50- ва 52-моддаларда тарбия тушунчаси таълим билан бирга, ёнма-ён қўлланилган. Бу таълим билан тарбия айри эмас, аксинча бир-бирини тўлдирадиган тушунчалар эканини тасдиқламоқда.
Дарҳақиқат, ўз таълимоти ва турмуш тарзида миллий анъана ва қадриятларни устувор билган, оилага мустаҳкам бир маскан сифатида қараган қадимий Шарқда таълим тарбиясиз, тарбия эса таълимсиз тўкис ва мукаммал бўла олмайди. Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний айтганидек, “Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур? деган савол кела дур. Бу саволга жавобан: биринчи – уй тарбиясидур. Бу оналарнинг вазифасидур. Иккинчи – мактаб ва мадраса тарбиясидур. Бу оталар, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур”.
Президентимиз айни шу мақсадда шу йилнинг 21 июнида “Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди. Унга кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институти негизида буткул янгича асосда Тарбия педагогикаси миллий институти ташкил этилди. Қарорга мувофиқ миллий институт зиммасига бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда ёшлар тарбиясида қўлланиладиган илмий-методик таъминотни амалга ошириш, буюк алломаларимиз, хусусан, жадидларнинг мазкур йўналишдаги қарашларини тадқиқ этиш ва шу асосда замонавий методикаларни ишлаб чиқиш талаби қўйилди. Ўқувчилар тарбиясида маҳалла ва ота-оналар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бу борада ота-она ва ўқитувчилар учун ўқув ва оммабоп адабиётлар яратишни тизимли йўлга қўйиш каби вазифалар юклатилди.
Институт томонидан тарбия йўналишида янги лойиҳалар амалга оширилади. Уларга хорижий экспертлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, олий таълим муассасалари ва жамоатчилик институтлари мутахассислари ҳамда олимлари кенг жалб этилади. Ёшлар тарбияси аҳолисининг ярмидан кўпроғи навқирон авлод вакилларидан иборат бўлган мамлакатимизда янада долзарб аҳамият касб этаётгани сир эмас. Айниқса, ахборот чегара билмайдиган, турли зарарли оқим ва таъсирлар ёшларимизни чалғитишга уринаётган бир даврда бу масала янада долзарб ва аҳамиятлидир.
Холбой ИБРАИМОВ,
Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти директори, педагогика фанлари доктори, академик