
“Тарбияга Ўзбекистонда ҳам Япониядагидек эътибор қаратилаётганидан беҳад мамнун бўлдим”
“Тарбияга Ўзбекистонда ҳам Япониядагидек эътибор қаратилаётганидан беҳад мамнун бўлдим”
дейди Фарғона вилояти ҳокимининг Таълим бўйича маслаҳатчиси, тажрибали педагог Гото Микако
Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтида шу соҳадаги хорижий мамлакатлар илмий тадқиқот институтлари олимлари ва мутахассислари билан ўзаро алоқалар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Фарғона вилояти ҳокимининг Таълим бўйича маслаҳатчиси, тажрибали педагог Гото Микаконинг институт олимлари ва докторантлари билан бўлган учрашуви фикримизга яққол далил бўла олади.
--Институтимизнинг бир гуруҳ вакиллари Японияда бўлиб, у ердаги таълим, хусусан, тарбия соҳасида олиб борилаётган ишлар, бу борада тўпланган тажрибалар билан бевосита танишиб қайтган эди. Бугунги учрашувни ана сафар ва алоқаларимизнинг мантиқий давоми, деб аташ мумкин,-- деди Қори Ниёзий номидани Тарбия педагогикаси миллий институти директори, педагогика фанлари доктори, академик Холбой Ибраимов.
Учрашувда Гото Микако Япония таълим тизими тажрибаси, таълимда оила ва тарбиянинг ўрни хусусида кенг маълумот берди. Биз ҳам жуғрофий, ҳам минталитет жиҳатидан шарқлик саналамиз. Шу боис бизнинг муштарак ва уйғун жиҳатларимиз жуда кўп. Бу, ўз навбатида, Япония билан Ўзбекистон таълим ва тарбия соҳасида яқин ҳамкорлик ўрнатишида мустаҳкам замин бўла олади. Японияда тарбия бундан уч йил аввал мактабларда қўшимча фан сифатида ўргатилган бўлса, эндиликда асосий фанлар қаторига киритилди. Мени хурсанд қилган жиҳат шундан иборатки, бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам тарбия асосий фанлар қаторида ўқитимоқда. Айниқса жорий йилда Президент қарори билан Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти ташкил этилгани мени ниҳоятда қувонтирди. Бугунги кунда жуда кўп мамлакатларда тарбияга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки дунё миқёсидаги интеграция ва глобаллашув жараёнлари , ахборт коммуникация воситаларининг кенг ривожланиши, айниқса, ахбарот тарқалиши ва алмашинувининг тезкорлиги ва чегара билмаслиги ёшларимизда ахлоқ ва тарбияга бўлган эҳтиёж ва эътиборни янада оширди. Ёшларимизни турли хил таъсир ва таҳдидлардан асраш, миллий анъана ва қадриятларимизни сақлаш ва тиклашда бу жуда ҳам муҳимс восита саналади, деди меҳмон.
Гото Микако институт жамоасига Япониядаги Чибо университети олимлари томонидан тайёрланган таълим ва оилада тарбия методикасига доир дарслик ва қўлланмалар тақдим этди.
Фарғона вилояти ҳокимининг Таълим бўйича маслаҳатчиси, тажрибали педагог Гото Микако пойтахтимиздаги бир қанча давлат ва хусусий мактаб ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида бўлиб, у ердаги таълим ва тарбия тизими ҳамда методикалари билан яқиндан танишди.
Қори Ниёзий номидаги ТПМИ матбуот котиби
И.Худоёров