Ўқувчиларни ривожлантиришда маънавий-ахлоқий тарбия муҳим ўрин тутади

Қори Низёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтида “Science and innovation” халқаро илмий журнали билан ҳамкорликда “Мутафаккирлар ва жадид маърифатпарварларнинг тарбия турларига оид таълимотлари ҳамда ундан фойдаланиш механизмлари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда “Жадидларнинг қобилиятли талабаларни чет элларга таълим-тарбия учун юборишларининг сабаблари ва аҳамияти”, “Абдурауф Фитратнинг Бухоро халқ шўролар жумҳуриятининг маориф нозири сифатида тарбия соҳасига қўшган ҳиссаси”, “Туркистон тарбия педагогикаси: тарихий экскурс”, “Сейфулғабид Мажидовнинг маърифий-жадидчилик фаолияти ва таълим-тарбиявий қарашлари”, “Хоразм жадидларининг таълим-тарбиядаги ислоҳотчилик ғоялари”, “Ўқувчиларни маънавий ахлоқий тарбиялашда умумий ўрта таълим муассасасидаги маданий муҳит ва катта авлод тажрибасининг ўрни”, “Самарқандда жадидчилик ҳаракати ва Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолияти”, “Абдулла Авлоний педагогик қарашларининг замонавий талқини”, “Мутафаккирлар, жадидлар ҳамда миллий қаҳрамонларнинг фикр тарбиясига оид таълимотлари” мавзу каби мавзуларда маъруза қилинди.

Шунингдек, мутафаккирлар ва жадидларнинг тарбия, унинг турлари ҳақидаги таълимотлари, уларнинг таълим олувчилар шахсини ривожлантиришда тарбия турлари ҳақидаги қарашлари, ўқувчиларни ривожлантиришда маънавий-ахлоқий тарбиянинг тутган ўрни, шахс камолотини таъминлашда интеллектуал ва фикр тарбиясининг аҳамияти, таълим олувчиларни гигиеник ҳамда экологик тарбиялашнинг ривожланиш тенденциялари билан боғлиқ масала ва муаммолар юзасидан ўзаро фикр алмашилди, таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

Конференция ўз ишини куннинг иккинчи қисмида шўъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирди. Конференциянинг якунловчи йиғилишида мутафаккирлар ва жадидларнинг педагогик меросини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш механизмларини ишлаб чиқишга қаратилган тавсиялар қабул қилинди.

Республика миқёсидаги анжуманда 150 дан ортиқ кузатувчилар, жумладан, 90 таси маъруза билан иштирок этди. Конференция материаллари тўплам шаклида чоп этилди ва оммалаштирилди.

Файёза Отабекова,

ЎзДЖТУ талабаси